3 Июл 2021 йил 530

Ғалаба боғи – халқимиз қаҳрамонлигини акс эттирган яхлит мажмуа

Тошкент вилояти ИИББда навбатдаги маърифат соати шу мавзуда бўлиб ўтди. Тадбирда «Дунё бўйлаб» телеканали бош муҳаррири Ғофуржон Жамолов мавзу юзасидан маъруза қилди.

Давлатимиз раҳбарининг ғоясига биноан, инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган ушбу боғ ва музей, ватандошларимизнинг ғалабани қўлга киритишга қўшган муносиб ҳиссаси ва улкан жасорати ҳақида сўзловчи яхлит мажмуа эканлиги барчамизга маълум.

Ғофуржон Жамолов мажмуа ҳақида тўхталар экан, элимизнинг жасорати, меҳр-муруввати ва инсонпарварлик фазилатларини ёш авлодларга етказиш, уларнинг қалбида ғурур-ифтихор, аждодларга эҳтиром туйғуларини шакллантириш мақсад қилинганига алоҳида тўхталиб ўтди.

– Ушбу масканга ташриф буюрган кишининг қулоғи остида гўёки даҳшатли уруш садолари жаранглайди, дейди Ғофуржон Жамолов. – Аждодларимизнинг қатъиятли нигоҳларида урушга бўлган нафратни ҳис этиб, бу офатни бартараф этишга бўлган умид учқунлари ва жангларда кўрсатган қаҳрамонликларига гувоҳ бўласиз. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, Ғалаба боғининг марказида «Матонат мадҳияси» деб аталган муаззам обида барча Ўзбекистон оналарига қўйилган ҳайкал бўлиб, она Ватан рамзи бўлиб қад ростлади». Бу ёдгорлик Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида истиқомат қилган Зулфия ая Зокирова ва унинг беш нафар баҳодир ўғли ҳақидаги қаҳрамонлик тўғрисида бизга ҳикоя қилади.

Сиёсий шарҳловчи, шунингдек, мавзу юзасидан ходимларга батафсил тушунча бериб, уларни ва яқинларини аждодлар ёдини ҳис этиш мақсадида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб у ердаги экспонатларни кўриб, тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчи эканлигини яна бир бор юракдан ҳис этишларига чорлади.

Тадбир якунида ходимларга ИИО билан боғлиқ бўлган ҳолатлар муҳокама қилиниб, қонунчилик ва хизмат интизоми доирасида хизмат фаолиятини олиб боришлари юзасидан яна бир бор тушунтиришлар берилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech