5 Март 2021 йил 1328

ДХХга ишга киргизиб қўйиш учун 5000 АҚШ доллар талаб қилган шахс далилий ашёлар билан ушланди

Жорий йилнинг 3 март куни Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Х.Н. вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилади. Аризасида, ўзини Э.Н. «ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи» деб таништирган шахс ўғлини ДХХ ҳарбий қисмларидан бирига ишга киритиб қўйиши учун 5 000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини маълум қилиб, қонуний чора кўришини сўрайди.

Мазкур аризага асосан, «Зарбдор ойлиги» доирасида Тошкент вилояти ИИББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш ва Ўз хавфсизлик бошқармаси вилоят бўлими ходимлари ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир ўтказилади.

Тадбир давомида ўзини – Э.М. «ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси Кадрлар бўлими бошлиғи» деб таништирган шахс, катта лейтенант унвонидаги ДХХнинг хизмат кийими (формаси)да аризачидан келишилган 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олаётган вақтда, тадбир иштирокчилари томонидан ушланган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ўтказилган суҳбат давомида ушбу шахс – Сурхондарё вилоятида яшовчи 1998 йилда туғилган Э.М., ҳеч бир давлат органи ёки бошқа ташкилотда ишламаслиги, шунингдек, аввалроқ ДХХга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги аниқланган.

Ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech