22 Январ 2021 йил 712

«Янги Ангрен ИЭС» иши бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент вилояти ИИББга ўтказилди

Хабар берилганидек, 2021 йил 20 январь куни соат 11-45 ларда, Ангрен шаҳар Нуробод қўрғонида жойлашган «Янги Ангрен ИЭС»нинг таъмирлаш ва профилактик ишларини амалга ошириш учун ўчирилган 5-сонли энергоблогининг 12-белгисида тозалаш ишлари олиб бориш жараёнида тозалаш анжомларидан учқун чиқиши оқибатида кўп миқдорда тўпланиб қолган кўмир чанги чақнаб, ёнғин содир бўлган.

Оқибатда энергоблокнинг 45-белгисида «Восток энерготеплоизоляция» МЧЖнинг ходимлари: 1968 йилда туғилган Т.М.Э. (аёл), 1981 йилда туғилган Р.Н.К. (аёл) ва 1990 йилда туғилган Қ.А.А. (эркак) 100 фоиз куйиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Бундан ташқари, жамият билан тузилган пудрат шартномаси асосида хизмат кўрсатаётган, «Веко» МЧЖнинг уч нафар ходимлари 2-3 даражали куйиш тан жароҳати олиши натижасида, Оҳангарон туман Марказий касалхонасига мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан шу кунинг ўзида Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Прокуратура иш юритувида бўлган мазкур жиноят иши, кейинги тергов ҳаракатларини олиб бориш учун, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига топширилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолат билан «ҳеч бир давлат органи шуғулланмаётгани ва эътибор қаратилмаётгани» каби турли талқин қилинган видео, хабар ва постлар тарқатилмоқда.

Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, журналист ва блогерлардан тарқатилаётган ахборот ёки хабарларга холис ёндашган ҳолда, ҳар томонлама ўрганиб, тўғри талқин қилишларини сўраймиз.

Ҳолат ҳодиса содир бўлган вақтдан бошлаб, Республика идоралари ва вилоят Прокуратураси, вилоят ИИББ ва бошқа ҳамкорликдаги ташкилотлар назоратига олинганини маълум қиламиз. Ҳар қандай ҳолат ва вазият юзасидан қонун устуворлиги таъминланади.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech