23 Январ 2021 йил 671

Йил якуни: 2021 йилдаги устувор вазифалар белгиланди

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Шуҳратжон Собиров иштирокида йил якуни – 2020 йил сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ИИВ раҳбарияти «2021 йилда – Тошкент вилоятида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган янгича лойиҳалар, куч воситалар, моддий-техник базани яхшилаш» бўйича қилинган таклиф тақдимотлари билан танишди. Ички ишлар вазирнинг биринчи ўринбосари аксарият лойиҳаларга ижобий фикр билдирган бўлса, айримларини такомиллаштириш ва тўлдириш бўйича тавсияларини берди.

Йиғилишда Бош бошқарма бошлиғи, соҳавий ва ҳудудий хизмат раҳбарлари ва ходимлар иштирок этди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, 2020 йил давомида эришилган ютуқлар йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъуллар томонидан маълумотлар берилди.

Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Хусусан, биринчи ва тўртинчи минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи ва уларга бириктирилган туман (шаҳар) биринчи раҳбарлари ва ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантирилиб, жиноятчиликни жиловлаш бўйича биринчи чорак якунига қадар муддат берилиб, чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Йиғилишда Вазирнинг биринчи ўринбосари йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича тавсияларини берди.

Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи қонунчиликка қатъий амал қилиши, ўзи хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматига, ва халқига садоқати эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари, шунингдек, юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва хизматдаги вазиятдан келиб чиқиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизматни қонунчиликка амал қилган ҳолда ташкил этиб, шахсий таркибнинг дам олиш кунларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

2021 йилда Тошкент вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар муҳокама қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифалар белгиланди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech