5 Октябр 2021 йил 1163

Натижалар танқидий таҳлил этилди

Ички ишлар вазири ўринбосари иштирокида «Ходимларнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилишлари» юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов, Вазир ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ва вазирлик масъул раҳбарлари ҳамда вилоят ИИББ раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирни ИИВ маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов очиб бериб, йиғилганларга бугунги кун ИИО ходимлари қандай ишлаши, уларнинг олдиларига қўйилган талаб ва бажарилиши керак бўлган хизмат вазифалари юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб, ўринли маслаҳатлар берди.

Шунингдек, сўзга чиққан Ички ишлар вазирининг ўринбосари, кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида тўхталиб, Республика бўйича ходимлар билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатлардан мисоллар келтириб хулоса қилишга чақирди.

Тизимда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, ходимлар орасида ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараётган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этаётганлари таъкидлаб ўтди.

– Жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиб, одамларни тўғри йўлга соладиган, шахсий ибрат бўладиган ички ишлар ходими ўзи қонун-қоидани бузса, буни қандай тушуниш мумкин? -деди генерал-майор Азизбек Икрамов. – Бундай масъулиятсизлик билан ишлаб бўлмайди. Ҳурматли ҳамкасблар яна бир бор барчангизни қатъий огоҳлантираман давлат раҳбари, меҳнаткаш халқимиз сизу бизга юксак ишонч билдирган. Бу ишончли оқлаш учун қатъий тартиб-интизом билан ишлашимиз шарт ва зарур. Очиқлик ва шаффофлик йўлидан бормоқдамиз. Буни ҳам унутмасдан хизмат вазифамизни виждонан адо этиш бугунги кунинг талабидир.

Йиғилишда иштирок этган ИИВ ШХББ бошлиғи, полковник Мухтор Мирзиёев кун тартибидаги масала юзасидан танқидий мулоҳаза билдириб, ходимлар билан боғлиқ салбий ҳолатларни келтириб ўтди. Шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ҳамда ўринбосарлари қатъий огоҳлантириб, келгусида хизмат интизоми ва ходимларига жавобгар шахс сифатида уларга ҳам ўрнатилган тартибда интизомий чора кўрилишини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Тоҳир Арипов ҳам сўз чиқди.

– Таъкидлаб ўтилган хато-камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдим, -деди полковник Тоҳир Арипов. – Келгусида бу каби ҳолатларнинг барчаси бартараф этилиб, Ички ишлар органлари ривожи ва ижобий имижини шаклланишида Тошкент вилояти ИИББ албатта ижобий натижалар билан барчага намуна бўлишига ишонаман ва ваъда бераман.

Йиғилиш сўнгида хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Хусусан, хизматида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 2 нафар (профилактика инспектори) ходим шу ернинг ўзида ички ишлар органлари сафидан бўшатилди. Бир нафарини эгаллаб турган лавозимини олиш белгиланди.

Шунингдек, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил 50 нафарга яқин ходимларнинг фаолиятини интизомий кенгашда муҳокама қилиниши ва фаолиятини ўрганиб бориш топшириғи қўйилди.

Ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

ИИББ Ахборот хизмати

 

Text to speech