15 Декабр 2022 йил 461

Одам савдоси билан шуғулланаётган эр-хотин фаолиятига чек қўйилди

Одам савдоси транс миллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноятлар сирасига кириб, унинг қурбонлари сони ортиб бораётгани ва ушбу хавфдан Ўзбекистон ҳам ҳоли эмаслиги айни ҳақиқат. Шунинг учун ҳамда доимий равишда одам савдосига қарши республика бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қатъий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 13 декабрь куни Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, 1978 y.t. Юқори Чирчиқ туманида яшовчи (M.U.) шахс наманганлик 19 ва 27 ёшли опа-сингилни алдаб, ишончига кириб, уларни мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент-Ҳиндистон авиа йўналиши орқали фоҳишалик билан шуғулланишлари учун юбормоқчи бўлган вақтида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэрапортда қўлга олинди.

Аниқланишича, ушланган шахснинг шаръий никоҳдаги хотини ҳозирги кунда Ҳиндистон давлатида бўлиб, қизларни кутиб олиши ва уларни фоҳишалик қилишлари учун шароит яратиши ҳамда эр-хотин бунинг ортидан мўмай даромад топишни режалаштирган бўлган. Ҳатто қизларнинг Ҳиндистонга бориш ва виза харажатларини ўзлари тўлаб берган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахс ва унинг хотинига нисбатан Қибрай тумани ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135 моддаси (одам савдоси) 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, жиноятга алоқадор бўлган, муқаддам Паркент туманида яшаган бугунги кунда Ҳиндистон давлатида бўлиб турган 32 ёшли аёлни ушлаш (экстрадиция қилиш) чоралари кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида қайт этиш жоизки, вилоят ички ишлар бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 8 та ҳолатда 15 нафар шахс қўлга олинган. Тадбирлар натижасида 12 нафар шахснинг, жумладан, 9 нафар аёлнинг одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинишига эришилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech