1 Октябр 2021 йил 91

Ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимларини 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.

Осудалик посбонлари бўлган ички ишлар органлари ходимларини камол топтирган, уларга таълим-тарбия берган ва ҳозирги кунда ҳам меҳнатларини аямаётган азиз устозларга ҳурмат-эҳтиромимни билдираман.

Дунёдаги энг бебаҳо бойлик – ақл-заковат ва илм, ўлмас мерос – яхши тарбиядир. Сизлар эса дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, ички ишлар органлари ходимларининг янги авлодига етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз!

Азиз устозлар!

Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этилмоқда. Шу жиҳатдан сизларнинг ҳурмат-эътиборингизни ошириш, қадрингиз, шаънингиз ва ғурурингизни тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатингизни ҳар тарафлама рағбатлантириш бўйича бошланган ишлар изчил давом этмоқда. Бу – кўпни кўрган, устозни отадан улуғ деб билган донишманд халқ миннатдорлигининг ифодасидир.

Сиз, азизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, юрт посбонлари, эл қалқонларини улғайтиришдек эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!


Тоҳир Арипов,
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, полковник

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech