24 Ноябр 2020 йил 334

Расмий муносабат! Фуқаронинг ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган видео мурожаати юзасидан

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлимига кўра, жорий йилнинг 31 октябрь куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро Л.Ким ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи (А.Т.)ни 2020 йил 8 июль куни туман Халқобод МФЙда яшовчи таниши Е.Н. ва унинг икки шериги уриб тан-жароҳати етказганлигини баён қилиб, ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан юритилган ишдан норози эканини билдирган. Шу билан бирга, гўёки айбланувчи томон ишни енгиллатиш учун Тергов бўлими ходимларига 1000 АҚШ доллари миқдорида пора берганини таъкидлаб ўтган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўрта Чирчиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро А.Т.нинг тан-жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми «и» банди билан қўзғатилган жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши билан томонлар (жабрланувчи А.Т. ва айбланувчи С.К.) тўлиқ танишиб чиққан ва бу ҳақида баённомалар тузилган. 2020 йил 25 сентябрь куни жиноят иши ЖПКнинг 381-1-моддаси айблов далолатномаси билан тартибида судга юборилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, жиноят иши тергов қилиниши жараёнида туман ИИБ ходимлари, хусусан иш бўйича тергов ҳаракатларини олиб борган терговчи томонидан процесс иштирокчиларига нисбатан тамагирлик ҳолати содир этилмаган ва пора тариқасида пул олинмаган. Л.Ким томонидан видео мурожаатда келтирилган важлар асоссиз ва бирон-бир исбот далилга эга эмас.

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан 7 ноябрь куни Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси Б.Пўлатов томонидан жабрланувчи А.Т. ва турмуш ўртоғи Л.Кимлар билан суҳбат ўтказилиб, уларга иш юзасидан мурожаатларини келгусида Жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туман судига тақдим этишлари мумкинлиги тушунтирилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech