23 Феврал 2021 йил 553

Тошкент вилоятида «зарбдор» тезкор-профилактик тадбири бошланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланган “Жиноятчиликнинг уюшган ва гуруҳий турларига, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф айланмасига ва контрабандага, босқинчилик, талончилик ва безорилик жиноятларига қарши курашиш юзасидан Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида “зарбдор ойлиги”ни ўтказиш борасида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги қўшма фармойиш ижроси юзасидан Тошкент вилоятида амалий тадбирлар бошланди.

Шу мақсадда Тошкент вилоят ИИББ ва ҳамкорликдаги ташкилотлар томонидан тезкор-қидирув тадбирларининг “зарбдор ойлиги”ни ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Жумладан, бугун 23 февраль куни Тошкент вилоят ИИББ, вилоят ҳокимлиги, ДХХ, Прокуратура, Миллий гвардия, Халқ таълими, Адлия, Соғлиқни сақлаш бошқармалари, судлар ва туман-шаҳар ҳудудий раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, раҳбарият томонидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Амалий ишлар бошланиб, Янгийўл туманида жойлашган вилоят ИИББ 4-минтақа ва Чирчиқ шаҳрида жойлашган 1-минтақавий мувофиқлаштириш марказида, яқинлашиб келаётган Наврўз – умумхалқ байрамини тинч ва осойишта ўтказиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.

Ички ишлар органлари томонидан аҳоли гавжум жойлар, жумладан, йирик савдо комплекслари, бозор, кафе-бар, ресторан, дискотека ҳамда кўп қаватли уйлар атроф-ҳудудларида карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шу билан бирга, ёшларни тунги вақтларда бемақсад юришларини олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан йиғилиш ўтказилиб, куч-воситалар жойларга тақсимланди.

Вилоят бўйича қўшимча патруль-пост нарядлари, куч ва воситалар жалб қилиниб, хизмат фаолияти кучайтирилди.

Ҳозирда, қўшма фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида, прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилот ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, жойларга йўналтирилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech