9 Апрел 2021 йил 553

«Зарбдор ойлиги» юзасидан танқидий руҳдаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Собировлар раҳбарлигида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни кучайтириш бўйича Тошкент вилоятида ўтказилган «Зарбдор ойлиги» махсус профилактик тадбир натижалари муҳокама қилинди.

Бугун, 9 апрель куни бўлиб ўтган тадбирда Бош прокуратура, ИИВ, вилоят прокуратураси ва ИИББ, ДХХ, Миллий Гвардия, солиқ ва фавқулодда вазиятлар ҳудудий бошқармалари ҳамда ҳамкорликдаги тузилмаларнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Баҳриддин Валиев ва Шуҳратжон Собиров «Зарбдор ойлиги» махсус тезкор-профилактик тадбирларини ўтказишда масъул давлат органларининг ҳамкорлигини ташкил этиш, маълумотларни тезкор умумлаштириб, таҳлил қилиш ва фаолиятга доир бошқа масалаларда эришилган натижалар ҳақида гапирдилар.

Шунингдек, тадбирларни ўтказиш давомида йўл қўйилган хато ва камчиликларга алоҳида тўхталиб, танқидий муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ИИББ бошлиғи Тоҳир Арипов, вилоят прокурори Салом Самадовлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилишда жараёндаги хато ва камчиликлар юзасидан тезкор штаб ва ишчи гуруҳларнинг, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ва унинг қуйи тузилмалари раҳбарларининг тушунтиришлари тингланиб, масъулларга бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

Аввал, 20 февралдан бошлаб Тошкент вилоятида жиноятчиликнинг олини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида катта масштабда «Зарбдор ойлиги» ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech